ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Душанбеда 17 октябр куни ўзбекистонлик ва АҚШлик санъаткорларнинг биргаликдаги концерт дастури бўлиб ўтади, деб хабар беради Sputnik Тожикистон.
"Биргаликда рақс: АҚШ ва Марказий Осиёнинг ҳамкорлиги” лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари мустақиллигининг 25 йиллигини концерт ва маҳорат дарслари билан нишонлайди", — деб хабар беради "Бактрия" маданият маркази.
Тожикистон пойтахтига ўзбек мусиқачи ва бастакорлари жамоасидан иборат замонавий мусиқага ихтисослашган"Омнибус" ансамбли ва АҚШдан уч нафар санъаткор ташриф буюради.
Улар 10 кун давомида мусиқа ихлосмандлари учун маҳорат дарслари ўтказишади.
"Концертларда давлатларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда анъана ва маданиятларининг ўхшаш томонларини, мусиқа ва маданият халқларни бирлаштиришини намойиш этиш, барқарор ва фаровон ҳудуд барпо этишларида уларга ёрдам беришни мақсад қилган", — дейилади хабарда.
Бунга қадар санъаткорлар Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон пойтахтларида концерт беришди. Тожикистондан сўнг улар Ўзбекистонга йўл олишади. Марказий Осиё ва АҚШ мусиқачилари ўртасида ўзаро тажриба алмашув лойиҳаси икки йилдан буён амалга оширилмоқда.
Лойиҳа иштирокчиларни замонавий мусиқа назарияси ва амалиёти билан таништиради ҳамда ўзаро ҳамкорликни рағбатлантиради.