ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида физика фани ривожига улкан ҳисса қўшган академик, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда иштирок этган олимнинг шогирдлари ва илмий соҳа вакиллари Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев илмий мактаби физика фанининг турли йўналишларида оламшумул натижаларга эришганини эътироф этишди.
1936 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган Пўлат Ҳабибуллаев етук физик олим, кўплаб илмий мактаблар асосчисидир. Академикнинг ғоялари энергетика, кимё саноати, тиббиёт ва биотехнология йўналишларида кенг татбиқ этилган.
Ҳабибуллаев Тошкент давлат педагогика институти кафедра мудирлигидан Ўзбекистон Фанлар кадемияси президентлигигача бўлган йўлни босиб ўтган. Турли йилларда Андижон қишлоқ хўжалик институти ректори, Ўзбекистон ФА ядро физикаси институти директори лавозимларида ишлаган.
1988-1989 йилларда Ўзбекистон Олий кенгаши президумини бошқарган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Пўлат Ҳабибуллаев давлат фан ва технология қўмитаси раиси ҳамда Ўзбекистон ФАда ўзи ташкил этган иссиқлик физикаси бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.
У фан, янги технологиялар ривожига қўшган ҳиссаси ва ихтирочилик фаолияти учун Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига икки марта (1985 ва 1996 йиллар) сазовор бўлган ягона олимдир. 1993 йилда олим Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонини олган.