ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Сурия президенти Башар Асаднинг фикрича, жаҳондаги ҳозирги вазият совуқ урушга ўхшайди, лекин глобал низо келиб чиқиши эҳтимоли ҳам бор. Шунингдек Асад Сурия инқирозини ҳал этиш учун дуч келган ҳар ким билан эмас, балки ҳақиқатан таъсир кучига эга ва террорчиларга қарши кураша оладиган сиёсий кучлар билангина музокарага киришиш кераклигини билдирди. Унинг айтишича, Сурия ҳукумати ўз таъсир кучига эга.
"Учинчи жаҳон уруши ҳақида. Бу ибора тез-тез ишлатилмоқда – айниқса яқинда Суриядаги вазият кескинлашганидан кейин. Бугунги кунда биз ривожланиш босқичида бўлган совуқ урушга ўхшаш вазиятни кузатмоқдамиз. Бу яқинда пайдо бўлди, менимча,бу Ғарб ва айниқса АҚШ СССР тарқалганидан кейин ҳам совуқ урушни тўхтатишмагани оқибати", — деди Асад "Комсомольская правда" газетасига берган интервьюсида. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, "бу жараёнда кўплаб сиёсий саҳналар мавжуд ва Сурия улар орасидаги муҳим саҳналардан биридир".
"Биз низонинг кескинлашганини кўрмоқдамиз, лекин асосий мақсад — дунёда Америка ҳукмдорлигини сақлаб қолиш, сиёсий ва халқаро майдонда ҳеч кимга, Россия бўладими ёки уларнинг Ғарбдаги иттифоқчилари бўладими, ҳамкорлик қилишга йўл қўймасликдир. Шунинг учун, сиз айтган (интервью олувчи) учинчи жаҳон урушининг ҳиди келмоқда, лекин бу ҳарбий, террористик ва сиёсий унсурлар мужассам бўлсада, ҳозирча тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув эмас", — деди Асад.
У "Сурия бу урушнинг фақатгина бир бўлаги" эканлигини айтди. Башар Асаднинг сўзларига кўра, Сурия низосини ҳал қилиш учун бу ерда террорчиларни ким қўллаб-қувватлаётганини аниқлаш муҳим.
"Ҳозирда Суриянинг ишларига ким аралашаётгани аҳамиятга эга эмас, энг муҳими — террорчиларни ҳар куни ва ҳар соатда ким қўллаб-қувватлаётгани. Асосий муаммо мана шу. Агар шуни ҳал қила олсак, сиз айтган чигал вазият аҳамиятини йўқотади. Биз бу муаммони еча оламиз. Чунки гап қайси давлатлар мамлакат ишига аралашаётгани ҳақида эмас, балки террорчиларни қайси давлатлар қўллаётганида", — деди у.
"Россия, Эрон ва "Ҳезбуллоҳ" —бизнинг доимий иттифоқчиларимиз ва улар бу ерда қонуний асосда туришибди. Улар террорчиларга қарши курашишмоқда, лекин террорчиларни қўллаб-қувватлаш учун аралашаётган бошқа давлатлар ҳам бор. Гап қатнашчиларнинг сонида эмас, асосий масала — бу терроризм", — деди Асад.