ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қор ёғди, деб хабар қилади даракчи нашри.
"13 октябрь куни Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин совиди ва ёғингарчиликлар кузатилди. Чимён, Қамчиқ довони ва яна бир нечта ҳудудларда эса қор ёғди.
Биринчи қор акс этган суратлар ижтимоий тармоқларга жойланмоқда. Қуйида ана шундай суратлардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз", — дейилган хабарда.
Айтганча, 13 октябрь куни кечаси нафақат, Ўзбекистонда, балки қўшни Қирғизистонда ҳам қор ёғиши кузатилган. "Бишкек шаҳри бир кечада сеҳрли тусга кирди, тонгни биринчи қор билан қарши олдик", — деб ёзади бишкеклик интернет фойдаланувчилардан бири.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фаол тарзда бир-бирларини биринчи қор билан табриклашга киришган. "Биз қор одамини ясадик", — деб ёзган яна бир фойдаланувчи.
Қирғизистон фуқаролари шунингдек, табиатнинг бундай кутилмаган "сюрприз"ига ҳали тайёр эмасликлари ҳақида ҳам қўшимча қилишган.