ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. 2006 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозимида фаолият юритаётган Янгибаев Бахадир Янгибаевич вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда kruz.uz хабар бермоқда.
Унинг ўрнига Сариев Қахрамон Раматуллаевич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси этиб тайинланди.
Қахрамон Сариев Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, сайтнинг хабар қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига янги раис ўринбосарлари тайинланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Зайтов Зияватдин Имаматдинович тайинланди. У Қўнғирот тумани ҳокими вазифасини бажараётган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Мамутов Марс Джумабаэвич ўрнига Содиқов Махмуд Сайдахмедович тайинланди. Махмуд Содиқов олдин Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимига Собир Хожаметов Жаббарбергенович тайинланди. У аввал Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаган.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳукумат порталида Вазирлар Кенгаши Раиси саҳифасида Раис сифатида Янгибаев Бахадир Янгибаевич кўрсатилган.