ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесиш учун электрон ариза бериш имкони пайдо бўлди. Давлат Хизматлари ягона портали хабарига кўра, бу фақат ўрмон фонлига кирмайдиган ўсимликларга таалуқли.
Ушбу хизмат тўлов эвазига амалга оширилади. Тўлов қиймати дарахт тури ва унинг танасининг қалинлигига боғлиқ. 80% дан ортиқ қисми қуриган дарахтлар бепул кесилади.
Тўлов миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилги 20 октябрдага 290-сонли қарорига биноан белгиланади. Берилган аризаларни кўриб чиқиш муддати — 15 кун. Янги хизмат тури ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида амал қилади.
Шу билан бир вақтда, Тошкент аҳолиси дарахтлар кесилишидан безовта бўлмоқда. Фуқаролар Тошкентда кўп йиллик дарахтлар кесилишини тўхтатишни сўраб Вазирлар Маҳкамасига бир неча бор мурожаат қилишган эди.
Интернетда ҳам "Тошкентда дарахтларни ёввойиларча кесишга қарши" петицияси тўрт мингга яқин овоз тўплаган.