ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Шу йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёвнинг виртуал қабулхонаси ишга тушганди. Facebook ижтимоий тармоғидаги қабулхона фаолияти билан таништириб борувчи саҳифада маълум қилинишича, қабулхона иш бошлагандан кейинги биринчи ҳафтада ўртача кундалик мурожаатлар сони 1 000 тадан ортган бўлса, иккинчи ҳафтада ўртача кундалик мурожаатлар сони 2 000 тадан, учинчи ҳафтада эса ўртача кундалик мурожаатлар сони 3 000 тадан ортди. 11 октябр куни умумий мурожаатлар сони 31 мингдан ортди!
Тармоқдаги ушбу саҳифада шунингдек, мурожаат қилувчиларга виртуал қабулхона имкониятларидан тўлақонли ва мақсадли фойдаланиш учун қуйидагича тавсиялар берилди:
- Бир мурожаатда мазмуни бўйича фақат битта масала кўтарилгани маъқул. Агар масалалар кўп бўлса, уларни ҳар бирини алоҳида мурожаат сифатида юбориш мақсадга мувофиқ. Шунда уларнинг тезкор ечимини назорат қилиш осонроқ бўлади.
- Мурожаат матнини қисқа, лўнда ва тушунарли қилиб ёзиш керак. Мурожаат қанчалик узун баён этилгани муаммони шунчалик тез ҳал қилади дегани эмас, аксинча унинг ечимини қийинлаштиради. Агарда мурожаат билан боғлиқ қўшимча маълумот керак бўлса, мурожаатчидан бемалол сўраб олиниши мумкин.
- Агар аввал қайсидир давлат органига мурожаат қилинган бўлса ва у ердаги мансабдор шахс томонидан масала жойида ҳал этилиши ўрнига пайсалга солинган ёки қўпол муомала қилинган бўлса, албатта, ушбу мансабдор шахснинг Ф.И.Ш. ва лавозимини кўрсатинг. Шунда мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
- Агарда тегишли давлат органига «ишонч телефони» ёки веб-сайти орқали аввал мурожаат қилган бўлсангиз ва у ёрдам бермаган бўлса, бундай далилни албатта кўрсатинг. Шунда ўша давлат органи ўзига тегишли хулоса чиқариши ҳамда жойлардаги ишонч телефонлари ва веб-сайтларини тўғри ишлашини таъминлаш чораларини кўради.
- Мурожаатингизда имкони борича нимани сўраётганингизни аниқ кўрсатинг.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига (0 800) 210-0000 ёки 1000 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), хат юбориш (pm.gov.uz веб-сайтида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки "O‘zLiDeP" ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали мурожаат қилиш мумкин.