ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Оҳангаронда қаровсиз қолдирилган «Нексия» автомобилини ўғирлаб кетган фарғоналик 47 ёшли фуқаро Ангренда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБ навбатчилик қисмига Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг “Нексия” русумли автомобили номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида маълум қилган.
Воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланишича, ариза муаллифи автомашинасини Телов қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Ангрен арматура изоляторлаш заводи” МЧЖ олдида қаровсиз қолдирганлиги оқибатида олиб қочиб кетилганлиги маълум бўлган.
Тезкорлик билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида олиб қочилган автомашина Ангрен шаҳрида тўхтатилди. Жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи 47 ёшли фуқаро бўлиб чиқди. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.