ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. 2016 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида Қозоғистон томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациялари турли даражадаги амалий ташрифларининг якунларига, устувор йўналишларда муҳим тижорат шартномалари тузилганига юқори баҳо беришди.
Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев қатор минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.