ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. 2016-йилнинг 11-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқи Делегациясининг янги тайинланган Раҳбари, Элчи Эдуардс Стипрайсни қабул қилди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Хабарда таъкидланишича, ЕИ Делегацияси Раҳбари Вазирга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширган.
"Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди", — дейилади хабарда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда уларга кўп қиррали тус бериш икки томон манфаатларига мос келиши таъкидланган.
Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган.