ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин бугун 7 октябр куни таваллудининг 64 йиллигини нишонламоқда. Давлат раҳбарининг туғилган кунига нодир китоблар, уссурия йўлбарси ва ҳатто тимсоҳ совға қилишган, деб ёзади РИА Новости.
Путиннинг матбуот котиби Песковнинг айтишича, одатда президентга туҳфа қилинган совғаларнинг аксарияти президент кутубхонасига жўнатилади ва ўша ерда сақланади, лекин айрим совғаларни Путин ўзида қолдиради.
Владимир Путинга берилган совғалар орасида унинг 50 ёшлик юбилейи учун рус заргарлари томонидан тайёрланган Мономахнинг қалпоғи нусхаси ва Урал яшма тошидан ишланган федерал округлар харитаси бор.
Ўша вақтлардаги Молдавия президенти Владимир Воронин Путинга тирик тимсоҳ совға қилган ва қуйидаги ёзув битилган табрикни жўнатганди: "Тимсоҳ – орқага юрмайдиган ер юзидаги ягона жонивор".
2008 йилда давлат раҳбарининг туғилган кунига уссурия йўлбарсининг боласини совға қилишган. Икки ярим ойлик Маша лақабли йўлбарсча аввалига Ново-Огаревода яшади, кейинроқ у Геленжикдаги ҳайвонот боғига келтирилди.
Путиннинг 60 йиллик таваллуд айёмига Россия бош вазири Дмитрий Медведев 1910 йилда чоп этилган Александр Бенуанинг Царское село ҳақидаги китобини совға қилганди.
Россия раҳбари кейинги туғилган кунини Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити ўтаётган Индонезиянинг Бали оролида нишонлади. Эрталаб Путин мажлислар залига кириб келганида Индонезия етакчиси Сусило Бамбанг Юдойоно гитара чалиб Happy Birthday to You қўшиғини ижро этган. Бошқа иштирокчилар эса унга жўр бўлишган. Кейинроқ Япония бош вазири Синдзо Абэ Путинга анъанавий япон ичимлиги сакэ, ХХР раиси Си Цзиньпин эса торт туҳфа қилганди.
Ёқимли сюрпризлар
Давлат раҳбарига сафарлари чоғида ҳам қизиқарли совғалар беришган.
2003 йилда таниқли француз ёзувчиси Морис Дрюон Путинга ўзининг рус тилидаги янги китобларини совға қилган. Ўша йили футбол бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Георгий Ярцев футболчилар номидан давлат раҳбарига олтин бутса топширган.
Орадан икки йил ўтиб Россия футболи тарихида илк бор УЕФА кубогини қўлга киритган ЦСКА футболчилари Путинга ғолиблик учун махсус чиқарилган тилларанг футболка совға қилишган. Футболканинг олд қисмига "2004-2005 йилги УЕФА кубоги ғолиби", орқа қисмига эса 1 рақами ва Путиннинг фамилияси ёзилганди.
2005 йилда президент стратегик бомбардимончи самолётида илк парвозини амалга оширгач, учувчилар унга Ту-160 "Павел Таран" самолёти макетини, Олий бош қўмондоннинг барча ҳарбий самолётлардаги парвозлари рўйхати битилган парвоз китобчасини тақдим этишган.
Орадан бир йил ўтгач, "Екатеринбург" атом сувости кемаси командири Путинга Андреев байроғи ва Шимолий қутбдаги баллистик ракета учирилган жойдан олинган бир шиша сув совға қилган.
2007 йилда Москва ва Бутун Рус патриархи Алексий Иккинчи Россия етакчисига Рус православ черкови бирлигининг қайта тикланиши ҳақидаги ҳужжатни ёдга солиб турувчи икона совға қилди.
Ёзувчи Александр Солженициннинг беваси Наталья Солженицина Путинга ёзувчининг чоп этилиши режалаштирилган 30 жилдлик асарларининг 11 жилдини тақдим қилди. Бундан ташқари, у Солженицин асарларининг аудиоталқини ёзилган компакт-дискларни ҳам туҳфа этган.
2011 йилда Брянскда "Хацун" меъморий мажмуаси очилиши маросимида фахрийлардан бири Владимир Путинга эски совет рублини совға қилди.
2012 йилда хоккей бўйича Россия терма жамоаси мураббийи жамоа номидан Путинга Россия ғалаба қозонган жаҳон чемпионатидаги сувенир шайбани топширди.
Аргентина президенти 2014 йилда Путинга бандонеон – танго ижро этилганда фойдаланиладиган мусиқа асбобини, собиқ канада-америка хоккейчиси Тони Эспозито Россия президенти хоккейчи кўринишида тасвирланган сурат совға қилган.
2015 йилда Баҳрайн қироли Ҳамад бин Иса ал Халиф Россия раҳбарига қиролнинг буюртмаси билан Дамашқ пўлати ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган Ғалаба қиличини туҳфа қилган.
Шунингдек, бу йил унга Россия аёллар гандбол терма жамоаси Олимпиада финалида ўйнаган тўпини совға қилди.
Жониворлар
Давлат раҳбарига жониворларни ҳам совға қилиб туришади. Улар орасида Татаристонда совға қилинган Вадик лақабли от, Болгария раҳбари совға қилган каракачан зотли кучук ҳам бор.
Путиннинг ўзи кучукка лақаб тополмагач, россияликлардан бу борада ёрдам сўради. Истаган киши ҳукумат раҳбарининг сайтига ўз таклифини йўллаши мумкин эди. Баффи лақабини таклиф қилган беш ёшли Дима Соколов ғолиб бўлди ва Путин ўша куниёқ болакай билан учрашди.
2012 йилда Япониянинг Акита префектураси вакиллари 2011 йил мартида цунами ва зилзила оқибатида жабр кўрган ҳудудга Россия томонидан кўрсатилган ёрдамга миннатдорлик сифатида Шереметьево аэропортида Юмэ ("орзу") лақабли акита-ину зотли кучукни топширишган.