ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистонга ташриф буюрган Белоруссия президенти Александр Лукашенко республиканинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди, деб хабар берди РИА Новости Белоруссия президентининг матбуот хизматига таяниб.
"Давлат раҳбарининг самолёти Самарқанд аэропортига келиб қўнди", — дейилади хабарда.
Матбуот хизматининг маълум қилишича, Александр Лукашенкони Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олган.
"Давлат раҳбари Шоҳи Зинда мемориал мажмуаси ёнида жойлашган "Ҳазрат Хизр" қабристонида Ислом Каримовнинг қабрига гул қўйди. Сўнгра ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бир дақиқа сукут сақладилар", — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Шавкат Мирзиёев Белоруссия президентига қабристон ва мемориал мажмуа тарихи ҳақида сўзлаб берди. Сўнгра Лукашенко Форумлар саройига йўл олди ва Каримовнинг фотосурати ёнига гулчамбар қўйди ҳамда Татьяна Каримова билан суҳбатлашиб, унга ўз ҳамдардлигини билдирди.
Ислом Каримов 2 сентябр куни 78 ёшида инсульт оқибатида вафот этди. Республика Президенти вазифасини вақтинча бажариш Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширилди. Президент сайловлари 4 декабрда бўлиб ўтади.