ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин "Йил мураббийи" танлови ғолиблари билан учрашувда Армавирлик рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Александр Шагаловга маош ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.
Президент саволидан кейин Шагалов уялганнамо жилмайган. "Ҳар хил, хизматим, қолаверса ўқувчиларим кўрсатаётган натижага боғлиқ. Ўртача 25-30 минг рубл чиқади", — деб жавоб қилган у.
"Александр Михайлович, мен сизни барибир тинч қўймайман. Яхшиси ҳозироқ айтинг, қанча маош олишингизни", — деб талаб қилиб туриб олган Путин.
"Ўтган йил 26-28 минг ойлик олар эдим", — жавоб қилган Шагалов.
Шундан сўнг Россия президенти бу рақамлар Россия педагогларининг ўртача иш ҳақидан паст эканлигини таъкидлаган. 2015 йилда Россияда ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги — 32 минг рублни, 2016 йилда эса 36 минг рублни ташкил қилган. Владимир Путиннинг сўзларига қараганда, маош даражаси регион ва ҳаёт тарзига бевосита боғлиқ: "Мамлакат шимолида ўқитувчилар маоши 70-100 минг рублни ташкил қилади", — деб таъкидлаган Владимир Владимирович.