ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси 28 сентябрдан 3 октябрга қадар Самарқандда Самарқандда бўлиб ўтган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё очиқ кубоги ҳамда параканоэ бўйича Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олди, деб хабар беради Ўзбекистон "Rowing & Canoe" федерацияси.
Беллашувларда Ўзбекистон ҳамда 14 та хорижий давлатлар — Япония, Эрон, Ироқ, Покистон, Сингапур, Вьетнам, Таиланд, Шри-Ланка, Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Грузия терма жамоаларининг 200 нафардан ортиқ спортчилари куч синашди.
Катталар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё очиқ кубогида ўзбекистонлик спортчилар жами 64та, 20та олтин, 24 кумуш ва 20та бронза медалини қўлга киритдилар. Иккинчи ўринни қозоғистонлик спортчилар эгаллашди. Улар якунда 20 та олтин, 13 та кумуш, 11 та бронза медалларига эга бўлишди. Учинчи ўринни учта олтин медал билан россиялик спортчилар эгаллашди.
Параканоэ бўйича биринчи Осиё чемпионатида Ўзбекистон спортчилари 3 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, энг яхши натижани қайд этишди.
Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни японияликлар, учинчи ўринни эронлик спортчилар эгаллашди.
Самарқанддаги эшкак эшиш каналининг реконструкция қилингани Ўзбекистонда сув спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Ушбу спорт иншоотининг умумий майдони 84,5 гектарни ташкил этади, узунлиги 2215 метр ва эни 130 метрлик асосий ҳамда 2215 метр узунлик ва 58 метр кенгликдаги айланма каналга эга. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган бу иншоотда юз ўринли меҳмонхона, 64 ўринли ошхона, мажлислар зали, ҳакамлар хонаси ва бошқа ёрдамчи хоналар, қирғоқда эса икки минг ўринли томошабинлар ўрни мавжуд.
Ушбу замонавий иншоот Германиянинг IMAS фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган старт ва финиш чизиқларини аниқловчи замонавий электрон тизим билан таъминланган. Бу эса мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш имконини беради. Умуман, спорт мажмуаси барча мезонлар бўйича халқаро ва олимпия ўйинлари талаблари даражасига етказилган.