ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради МСК матбуот хизмати.
"Марказий сайлов комиссияси… мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди", — дейилади хабарда.
3 октябр куни бўлиб ўтган мажлисда шунингдек, сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳам билдирилади матбуот хизмати хабарида.
Илгарироқ республикада расман рўйхатдан ўтган барча тўрт сиёсий партия ўз пленумларини ўтказиб, президентлик сайловида иштирок этишга қарор қилган эди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевни, "Миллий тикланиш" миллий демократик партияси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродовни, Халқ демократик партияси ўз етакчиси Ҳотамжон Кетмоновни ва "Адолат" социал-демократик партияси Наримон Умаровни президентликка номзод сифатида тавсия қилган эди. Номзодларнинг барчаси октябрь ойи ўрталарида бўлажак партия съездларида тасдиқланиши керак.
Партиялар 20 октябргача давом этадиган имзо йиғиш жараёнини бошлаб юборган. Қонунчиликка биноан партиялар барча сайловчиларнинг бир фоизи (214,35 минг имзо) миқдорида имзо тўплаши талаб этилади.