ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Исроил республикаси собиқ президенти Шимон Переснинг дафн маросимидан қайтаётган Барак Обама Американинг собиқ президенти Билл Клитонни самолётга чиқариш учун уни қайта-қайта чақиришга мажбур бўлди.
"Билл, кетдик!", — деб бақирди самолёт бортига чиқишга улгурган Обама.
Бу даъват иш бермагач, АҚШ президенти трап томон чиқди ва у ердан яна бир карра "Кетдик! Мен уйга боришим керак", — дея такрорлади баланд овозда.
Клинтон шундан кейингина бортга чиқди ва Обаманинг қўлини сиқди ҳамда иккаласи салон томон одимладилар.
Эслатиб ўтамиз, Нобел мукофоти совриндори Шимон Перес чоршанбага ўтар кечаси 93 ёшида, икки ҳафта олдин бошидан ўтказган инсульт оқибатида Тель-Авивда вафот этган эди.