ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Тошкентдаги Россия фан ва маданият марказида (РФММ) жорий ўқув йилида ягона давлат имтиҳони (ЕГЭ) топшириш бўйича сертификатланган марказ очилади, деб маълум қилди Россотрудничество агентлиги раҳбари ўринбосари Дмитрий Гужеля.
"Жорий йилда РФММ базасида ЕГЭ топшириш бўйича ягона сертификатланган марказ ташкил этилади" — деди Гужеля. Унинг фикрича, бу Ўзбекистон ёшларига Россияда олий маълумот олиш учун янги имкониятларни беради.
"Ўзбекистоннинг бу ердагиларнинг аксарияти билмайдиган жиддий устунлиги бор – ҳар қандай ўқувчи Россия ЕГЭни топшириб, имтиҳондан ўтганлик сертификати билан Россиядаги олий ўқув юртига бепул таълим олиш учун ўқишга кириши мумкин", — деди Россотрудничество раҳбари ўринбосари. Гужеля шунингдек, октябрда Россотрудничество "ЕГЭга тайёрланиш бўйича бепул масофавий курсларни йўлга қўйишини ва Россиядан ташқарида яшайдиган ҳар қандай мактаб ўқувчиси бу курсларга интернет орқали рўйхатдан ўтиши мумкин"лигини билдирди.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига қараганда, 2015 йилда 4 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Россия олийгоҳларига ўқишга йўл олишган. Россиядаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда туради. Ҳозирда Россияда ўзбекистонлик 12 минг талаба ўқийди, Тошкентда эса Россиянинг учта олийгоҳи – Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ва Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети филиаллари фаолият кўрсатади.
Россотрудничество федерал агентлиги 2008 йилда ташкил этилган. Унинг мақсади халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, гуманитар соҳада узвий ҳамкорлик қилиш ва чет давлатларда Россиянинг ижобий имижини шакллантиришдан иборат.