ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатнинг ташқи сиёсатида ўзбек-тожик муносабатлари устувор характерга эга эканлигини таъкидлади, деб хабар беради Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати.
Душанбеда Тожикистон президенти ва ушбу мамлакатга ишчи ташрифи билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Раҳмон ва Камилов тожик-ўзбек муносабатларининг истиқболларини ва уни келгусида кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар. Томонлар икки давлатнинг ўзаро муносабатларидаги ижобий йўналишларни қайд этдилар ҳамда мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ва суҳбатларни қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини эътироф этдилар.
"Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатнинг ташқи сиёсатида ўзбек-тожик муносабатлари устувор характерга эга эканлигини таъкидлади", — дейилади хабарда.
Раҳмон ва Камилов, шунингдек, мамлакатларнинг маданий-гуманитар ҳамкорлигини фаоллаштириш ва давлатларнинг савдо-иқтисодий шериклигини ошириш зарурлигини таъкидладилар. Улар ўзаро фаол ҳамкорликни талаб этадиган йўналишлар қаторида сув-энергетика ва транспорт-логистика соҳасини кўрсатиб ўтдилар.