ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. “Россия сегодня” ахборот агентлигининг “РИА Рейтинг” рейтинг агентлиги МДҲ давлатлари банк сектори борасида тадқиқот ўтказиб, МДҲнинг энг йирик 200та банки рейтингини тузди. Бу МДҲ банклари бўйича олтинчи марта эълон қилинган йиллик рейтингдир.
МДҲдаги 1000га яқин банклар орасидан энг йирик икки юзта банк рейтингига Ўзбекистоннинг 11та банки киритилди.
Ўтган йилги рейтингда 43-ўринда қайд этилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бу йилги рейтингда 30-ўриндан жой олди.
Ўзбекистоннинг қолган банклари қуйидаги ўринларда жойлашди: Ўзсаноатқурилиш банк 58-ўрин, “Асака” банки 65-ўрин, Ипотека банк 93-ўрин, Қишлоқ қурилиш банк 95-ўрин, Халқ банки 112-ўрин, Агробанк 117-ўрин, Ҳамкорбанк 124-ўрин, КDB банк Ўзбекистон 138-ўрин, Ипак йўли банки 176-ўрин ва Капиталбанк 179-ўрин.
Рейтингга жами бўлиб ўн битта мамлакат: Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина банклари киритилди. Рейтингга кўра, МДҲдаги энг йирик 200та банкнинг умумий активлари миқдори 2016 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра 1,19 триллион доллар деб баҳоланди.
Рейтингда Россиянинг «Сбербанк»и биринчи ўринда қайд этилди. Умуман олганда, рўйхатдаги 1-ўриндан 12-ўрингача бўлган поғоналарнинг барчасини Россия банклари эгаллади.