ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Ўзбекистонда 2016 йилги ялпи ички маҳсулот ўсиш кўрсаткичини 6,9% даражасида сақлаб қолди, деб хабар беради ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.
Бундан илгариги ЯИМ ўсиш прогнози июлда эълон қилинганди.
"Воқеалар ривожи илгариги прогнозларга тўлиқ мос келаётганлиги боис 2016 ва 2017 йиллар учун ЯИМ ўсиш кўрсаткичи ўзгаришсиз қолади", — деб маълум қилди ваколатхона ОТБнинг Asian Development Outlook маърузасига асосланиб.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ЯИМ ўсиш прогнози 2017 йилда 7,3%ни ташкил қилади.
2016 ва 2017 йиллар учун инфляция даражаси ҳам ўзгаришсиз – мос равишда 10% ва 11%лигича қолди.
Банк экспертларининг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2016–2017 йилларда аввалгидек унинг асосий савдо ҳамкорлари, хусусан Россия, Хитой ва Қозоғистон бозорларидаги вазият ҳамда табиий газ, олтин, мис ва пахта нархининг пасайишига боғлиқ бўлади.
Ҳисоботда Ўзбекистон аграр соҳасидаги ўсиш 2016 йилнинг биринчи ярмида 6,8%ни ташкил этгани (2015 йилда 6,5%), бу мева-сабзавот етиштириш ошганлигини кўрсатиши қайд этилган.
ОТБ экспертлари Ўзбекистон ва Россия апрел ойида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг икки томонлама савдосини кенгайтиришга келишишгани, мамлакатда боғдорчиликни ривожлантириш устивор вазифалар сирасига киритилганини эътироф этишади.
Банк экспертларининг тахминича, саноатга инвестициялар киритиш, маошлар, пенсия ва бошқа тўловлар миқдорини ошириш ҳисобига ички талабни бир меъёрда ушлаб туриш Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишининг асосий манбалари бўлади.