ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Андижон вилояти Хўжаобод туманида жорий йилда 81,8 миллион долларлик 43,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилиниши режалаштирилган, дейилади Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида.
Порталда айтилишича, жорий йил Тошкентда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Хўжаобод тумани фермер ва деҳқонлари хорижий компаниялар билан ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 15 миллион 524 минг долларлик шартнома имзолаган.
Тумандаги “Навигул” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида кунига 100 тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш имконига эга янги линия ишга туширилди. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон бозорларида, балки қўшни давлатларга ҳам сотилмоқда.
Жорий йилда туманда ғалладан бўшаган 2 минг 91 гектар майдонга сабзавот, картошка, кунгабоқар, дуккакли ва полиз экинлари экилди. Ана шу экинлар ҳисобидан маҳсулот етказиб бериш бўйича фермер ва деҳқонлар билан 207 шартнома имзоланди. Келишувга кўра, белгиланган муддатларда 31 турдаги 5 минг 531 тонна тонна мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади.
Айни пайтда туманда сиғими 6 минг тонналик совуткич шай ҳолатга келтирилиб, маҳсулотни асл ҳолича сақлаш, ички ва ташқи бозорга сифатли етказиб бериш учун барча имкониятлар яратилган, дейилади хабарда.