ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Парламентнинг 29 сентябр кунги йиғилишида Қирғизистон конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича 4 декабр куни умумхалқ референдумини белгилаш масаласи кўриб чиқилади, деб хабар берди РИА Новости қонунчилик органи матбуот хизматига таяниб.
Мамлакат президенти бошчилигидаги қатор сиёсий кучлар Қирғизистон конституциясига ўзгартишлар киритиш таклифи билан чиққанди. 2010 йилги давлат тўнтаришидан кейин умумхалқ референдумида қабул қилинган ҳозирги конституция Венеция комиссияси томонидан маъқулланган. Унда 2020 йилга қадар мамлакат асосий қонунига ўзгартиш киритишни тақиқловчи банд мавжуд. Бир гуруҳ сиёсий партиялар конституцияга ўзгартириш киритишга кескин қарши чиқишди. Яна бир гуруҳ сиёсатчилар эса таклиф этиладиган тузатишларни муҳокама қилиш учун тажрибали ҳуқуқшунослар, таниқли сиёсатчи ва жамоат вакилларидан иборат конституцион кенгаш тузишни таклиф қилишмоқда.
"Қирғизистон республикаси қонуни бўйича референдум белгилаш ҳақида"ги қонун лойиҳаси 23 сентябр куни парламентда рўйхатга олинган ва қўмитага кўриб чиқиш учун топширилганди. У 29 сентябр куни Жогорку Кенеш (парламент) сессияси йиғилиши кун тартибига киритилган. Қонун лойиҳасида референдумни 2016 йил 4 декабрда ўтказиш таклиф этилган", — деб хабар беришди матбуот хизматидагилар.
"Таклиф этилаётган ўзгартишлар хусусан Қирғиз республикасининг мустақиллиги ва суверенитетини, парламентаризмни мустаҳкамлаш, давлат ҳокимиятининг қонунчилик ва ижрочилик бўғинлари ўртасидаги ҳамкорлик принципларини аниқлаштириш, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ислоҳотлари учун конституцион асосларни такомиллаштиришга қаратилган", — дейилади лойиҳа маълумотномасида.
Ўзгартишлар ташаббускорлари конституцияда белгиланган асосий қонунга ўзгартириш киритишни "тақиқлаш" фақатгина мамлакат парламенти учун татбиқ этилишини таъкидлашмоқда. "Давлат ҳокимиятининг ягона манбаси ва суверенитети эгаси" бўлган Қирғизистон халқи эса "ҳеч қандай меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар билан чекланмаган" ва референдум орқали конституцияга ўзгартиш киритиш ҳуқуқига эга.