ТОШКЕНТ, 25 сен – Sputnik. Хитой олимлари дунёда энг катта радиотелескоп — FASTни ишга туширишди, Синьхуа хабарига асосан.
FAST – Five hundred meter Aperture Spherical Telescope, яъни Беш юз метр апертурали сферик телескоп, оддийроқ қилиб айтганда – диафрагмаси 500 метр бўлган сфера шаклидаги радиотелескоп.
Диаметри 500 метр, юзаси 30 футбол майдонига тенг бўлган телескоп қурилиши 2011 йилда бошланган бўлиб, жами 180 млн доллар сармоя талаб қилди. Улкан телескоп қурилишида Хитой жануби-ғарбидаги Гуйчжой вилоятининг тоғли ҳудудларида мавжуд бўлган табиий рельефдан (чуқурликдан) унумли фойдаланилган.
Хитой ахборот агентлиги хабарига кўра, FAST дунёда энг тез компьютерлардан бири — Sky Eye 1 билан жиҳозланади. Ушбу компьютер ўзга саёраларда ҳаёт қидириш, галактикалар пайдо бўлиш жараёнларини ва қора материяни ўрганиш жараёнларида астрономик ҳисоб-китоблар билан шуғулланади.