ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Москвада ўз ватандошларини талон-тарож қилиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, тўрт нафар қирғизистонлик ҳибсга олинди, деб хабар қилмоқда Спутник Қирғизистон республика ИИВ матбуот-хизматига таянган ҳолда.
Жорий йилнинг сентябр ойи бошларида Россиядаги Қирғизистон Республикаси ИИВ ваколатхонасига Қирғизистон фуқароси мурожаат қилиб, 31 август куни нотаниш кимсалар унга тўппонча билан таҳдид қилган ҳолда ўрмонзорга олиб боришгани ҳақида айтган.
"Жиноятчилар йигитни дўппослаб, тўрт кун ичида "халқ ғазнасини тўлдириш учун" 200 минг рубл олиб келишини уқдиришган. Талончилар унинг 18 минг рубл пулини, соатини, паспортини ва меҳнат шартномасини тортиб олганлар. Ҳужум қилганлар ўзларини "қонундаги ўғри" — Қамчи Кўлбаев жиноий гуруҳи аъзолари сифатида таништиришган", — дейилган ИИВ хабарида.
Ўтказилган тезкор операция натижасида, 20-сентябр куни Қирғизистоннинг тўрт нафар фуқароси қўлга олинган. Махсус тезкор гуруҳ маълумотларига кўра, улар уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳисобланади.
Ҳибсга олинганларнинг ёнидан жабрланувчига тегишли бўлган нарсалар топилган. Бугунги кунда гумонланувчиларнинг барчаси шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда, деб қўшимча қилинган ИИВ хабарида.