ТОШКЕНТ, 23 сен – Sputnik. Россиянинг Астрахан шаҳрида "СелиАс-2016" халқаро ёшлар форуми ниҳоясига етди. Анъанага мувофиқ, ҳар йили куз фаслида ташаббускор ёшлар ўз лойиҳаларини тақдим этиш, мастер-класс ва маърузаларда иштирок этиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун ушбу форумда жам бўладилар.
Астрахандаги "Ўзбекистон" ҳудудий жамоат ташкилотининг ёш вакиллари ҳам форумнинг барча: сиёсат, туризм, медиа, маданият ва иқтисод йўналишларида фаол қатнашдилар. Форумда ёшларнинг 16та лойиҳаси грантларга сазовор бўлди. Грантлар миқдори 10 мингдан 100 минг рублгача миқдорни ташкил этади. Форум доирасида ўзбек миллий кийимлари, мусиқа асбоблари ва Ўзбекистон тарихи ҳамда маданияти ҳақидаги китоблардан иборат кўргазма ҳам ташкил этилди.
"Сизлар ёш, шижоатли, жамият учун фойдали янги ғояларга бойсизлар. Биз катталарнинг асосий вазифамиз сизларнинг тараққиёт йўналишингизни аниқлаб олишдир. "СелиАс” каби форумлар сизларнинг ривожланишингизга имконият яратиш мақсадида ташкил этилган. Биз ақлли, ижодкор, кенг фикрловчи ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз. Сизлар эса олдингизга мақсад қўйиб олға интилишингиз лозим", — деди Астрахан губернатори форум иштирокчилари билан учрашув чоғида.
"Ўзбекистон" ҳудудий жамоат ташкилотининг раҳбари Баҳодир Аминовнинг айтишича, "СелиАс" иқтидорли ўзбек ёшларига ўз ғояларини қўллаб-қувватлайдиган профессионалларни топишга ва уларни амалга оширишларига имконият беради.
Форум катта концерт дастури билан якунланди. Ёпилиш маросимида "СелиАс" форумининг расмий мадҳияси премьераси бўлиб ўтди.