"Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик": Абдулла Орипов Ислом Каримов хотирасига атаб шеър битди

© Sputnik / Сергей Гунеев / Медиабанкка ўтишЎзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига атаб шеър битди.

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов инсульт оқибатида 2016 йил 2 сентябр куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Марҳум ўзининг она-шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига кўра дафн этилди.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига атаб шеър битди. Шеър матни uz24.uz сайтида эълон қилинган.


МАНГУЛИК

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига

Бир хабар тарқалди,

Ярим тун эди,

Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.

Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки —€“ чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,

Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябр куни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов соғлиғини тиклаш мақсадида АҚШга учиб кетгани ҳақида хабар қилган эдик. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook саҳифасида ёзган эди.

Янгиликлар лентаси
0