ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган бешта давлат рўйхатидан Исландия, Cингапур, Швеция, Андорра ва Буюк Британия жой олган. МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистондан кейин Туркманистон (60-ўрин), Озарбайжон (75), Молдова (80), Қозогъистон (85), Арманистон (86), Тожикистон (99), Қиргъизистон (113), Украина (118), Россия (119) ва Белорус (120-) ўринга муносиб топилган, деб хабар қилади "Жаҳон" АА.
Рейтинг нолдан (энг ёмон кўрсаткич) юзгача (энг яхши кўрсаткич) бўлган муқоясада 33 кўрсаткич бўйича умумлаштирилган баҳолар ҳисобга олинган ҳолда тузилган. Мамлакатлар ўринларини белгилашда назарда тутилган мезонлар орасида болалар ва чақалоқлар ўлими, йўл-транспорт ҳодисаларидаги ўлим, болалардаги ортиқча вазн, алкогол ва тамаки истеъмоли даражаси, одам иммунитети танқислиги вируси (ВИЧ), сил ва В гепатити билан касалланиш, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари мавжуд.
Бундан ташқари, экспертлар зўравонлик ҳаракатлари ва урушлардаги ўлим ҳолатларини ҳам ҳисобга олишган. Ҳар бир мезон бўйича ҳисоблар 1990 —2015-йиллар оралигъидаги вазиятларнинг таҳлили асосида чиқарилди.
Масалан, "Доялар иштирокидаги туғруқлар" мезони бўйича Ўзбекистон максимал даражадаги баҳони, "Касалликлар тиббий профилактикаси даражаси" бўйича — 93, "Ҳаво ифлосланиши туфайли касалликка чалиниш" мезони бўйича — 89, "Оилани режалаштириш ва репродуктив ёш" бўйича — 84, "Чекиш" ва "Ичишга яроқсиз сув истеъмоли билан боғлиқ касалликлар" мезони бўйича 81 балларни тўплади.
"The Lancet" ушбу рейтингни тузиш учун инобатга олган кўрсаткичлар 2015-йил сентябр ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига асосланган. Улар 17 та глобал мақсадни (қашшоқликни бартараф этиш, очликка барҳам бериш, таълим олиш имкониятини таъминлаш ва ҳоказо), 169 та вазифа ҳамда 230 та аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган. БМТ режасига бўйича 15 йил мобайнида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришилмоғи лозим.
"The Lancet" журнали тадқиқотининг натижалари Ўзбекистон бўйича бошқа нуфузли халқаро институтлар томонидан берилган баҳоларни тўла тасдиқлайди. Шуни эслатиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон жаҳондаги нуфузли ташкилот — “Save the children” ("Болаларни асрайлик") халқаро муассасаси томонидан тузилган дунё рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта гъамхўрлик кўрсатилаётган энг илгъор ўн мамлакат қаторидан жой олган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган яна бир тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон "Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари" рейтингида 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, "The Lancet" — Британияда нашр этиладиган ҳафталик журнал. У тиббиёт бўйича энг машҳур, кўҳна ва энг нуфузли нашрлардан бири ҳисобланади. Лансет, яъни жарроҳлик асбобининг номи қўйилган ушбу журналга инглиз жарроҳи Томас Уоклей томонидан 1823-йили асос солинган. Нашрда муҳим тадқиқотларга оид мақолалар, китоблар шарҳлари, янгиликлар, касалликлар тарихи ва бошқа материаллар чоп этилади. Лондон, Ню-Ёрк ва Пекинда журнал таҳририятлари жойлашган.