ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Тошкент қишлоқ хўжалик техникалари заводи (собиқ Тошкент трактор заводи – ТТЗ)ни модернизация қилиш ва қайтадан технологик жиҳозлаш ишлари бошланди, деб хабар беради "Новости Узбекистана".
Компаниядагиларнинг хабар беришларича, ушбу мақсадлар учун "Асакабанк"нинг Тошкент шаҳар филиалидан олинган 60,5 миллиард сўм (20 миллион доллардан ортиқ) лик маблағ сарфланади.
Илгарироқ Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Баҳодир Боқиев Sputnik Ўзбекистон мухбирига эски завод ҳудудида 2014 йилдан буён аграр сектори учун ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Тошкент қишлоқ хўжалик техникалари заводи фаолият кўрсатаётганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, корхона қувватини бир нечта босқичда модернизация қилиш режалаштирилган бўлиб, 2019 йилда ниҳоясига етади. Асосий инвестор ўзбек томони билан заводнинг техник ва технологик қайта жиҳозланиши учун 50 миллион доллардан ортиқ маблағни йўналтиришни мақсад қилган Германиянинг CLAAS компанияси ҳисобланади.
2016-2017 йилларда биринчи босқичда корхонада немис компаниясининг турли қишлоқ хўжалик техникалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кенгайтириш бўйича ишларни амалга ошириш режалаштирилган. 2018-2019 йилларда иккинчи босқичда қуйиш цехи, бутловчи қисмларни муҳрлаш линияси, трансмиссиялар учун қуйма қисмлар ишлаб чиқариш цехлари технологик қайта жиҳозланади, шунингдек Ўзбекистон қишлоқ хўжалик корхонаси базасида CLAAS компанияси билан биргаликда қўшма корхона ташкил этилади ва двигателлар йиғиш йўлга қўйилади.