ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Блумберг агентлигининг дунёнинг энг таъсир кўрсатувчи 50 кишиси рўйхатида 30-ўриндан жой олди, деб хабар беради РИА Новости.
Рейтингнинг биринчи сатридан Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй жой олди. Кейинги ўринларни АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Хиллари Клинтон, тўртинчи ўринни ХХР раиси Си Цзиньпин эгаллади. Рейтингнинг юқори бешлигини Amazon.com интернет компанияси раҳбари ва Blue Origin аэрокосмик компанияси эгаси Жефф Безос якунлаб беради.
Агентликнинг маълумотига қараганда, Путин санкциялар қўлланилиши ёки ёқилғининг жаҳон нархи сабабли пайдо бўладиган оқибатлардан қаттиқ ташвишда эмас. У илгари агентликка берган интервьюсида Россия етарлича миқдордаги олтин ва валюта захираларига эга эканлигини таъкидлаганди.
Агентликнинг эътироф этишича, бутун дунё Россия президентининг келгуси қадами қандай бўлишини кутмоқда. Бундан ташқари, дунё унинг ҳаракатлари жаҳондаги молиявий ва иқтисодий вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда.