ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Чоршанба куни Ўзбекистон паралимпиячилари терма жамоаси жой олган самолёт тонгги соат 06.15да Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди, деб хабар қилмоқда "Новости Узбекистана" нашри.
Паралимпия терма жамоамиз ҳам худди Олимпиадада иштирок этган спортчиларимиз сингари катта тантана билан кутиб олинди.
Тарихий натижа: тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида 5та спорт турида 32 нафар спортчи билан иштирок этган паралимпиячиларимиз мусобақада жами 31та медални қўлга киритишди. Шулардан 8таси олтин, 6таси кумуш ҳамда 17та бронза медалларидир.
Тантанали маросимда Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов сўзга чиқди, шунингдек, маросимга санъат олами вакиллари, Миллий олимпия қўмита ҳамда Паралимпия уюшмаси аъзолари ташриф буюрдилар.
Маросим сўнггида паралимпиадачиларнинг ўзларига сўз берилди. Сўзга чиққан спортчилар ўз ғалабаларини ота-оналари, ватани, халқи ва Биринчи президентлари Ислом Каримовга бағишлаганларини айтиб ўтдилар.
Маросимда Риода ўтган Олимпия ўйинларида совриндор бўлган спортчилар ҳам ҳозир бўлишди. Улар орасида Руслан Нуриддинов, боксчилар Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Рустам Тўлаганов, курашчи Ихтиёр Наврўзов ва бошқа чемпион ва совриндорларни кўриш мумкин эди.