ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистондаги вазият охирги вақтларда собиқ Иттифоқ ҳудудидаги энг асосий янгиликлар қаторидан ўрин олган. Президент Каримовнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганидан кейин интернетда Ўзбекистон келажаги ҳақида кўплаб ваҳимали хабарлар пайдо бўла бошлади.
Ушбу муносабат билан “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги “Ўзбекистонда ҳукумат алмашинуви халқаро ахборот уруши нишонида” мавзусида давра суҳбати ташкил қилди.
Доира суҳбатида МГИМО Аналитик тадқиқотлар маркази директори Андрей Казанцев, Шарқшунослик институти илмий ходими Станислав Притчин, Собиқ Иттифоқ мамалкатлари иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Елена Кузьмина ва сиёсатшунос Никита Мендковичлар иштирок этишди. Давра суҳбатини “Россия сегодня” Ахборот-аналитика маркази директори Сергей Рекеда олиб борди.
Биринчи бўлиб сўз берилган МГИМО Аналитик тадқиқотлар маркази директори Андрей Казанцев, Ўзбекистон бугунги эришган сиёсий барқарорлиги, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримовнинг улкан аҳамиятга эга бўлган тарихий хизмати эканлигини айтиб ўтди. Хусусан, жуда мураккаб геосиёсий регионда, қийин даврларда Ислом Каримов барқарорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди, деди эксперт.
Иккинчидан, айнан Ислом Каримов ташқи сиёсатда Ўзбекистонни ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсиатини бошлаб берган. Бугунги кунда, Россия Ўзбекистонни КХШТ ва ЕОИИга киришини қанчалик хохламасада, Ўзбекистон ўзининг бетарафлик сиёсатини давом эттиради ва юқоридаги ташкилотларга яқин орада аъзо бўлмайди.
Сиёсий жиҳатдан Мирзиёевнинг президентликка номзод бўлиши кўпчиллика ойдек равшан эди. Ислом Каримов президент бўлган вақтларда Мирзиёев мамлакатда "иккинчи" одам эди. Президент вафотидан кейин унинг биринчи номзод бўлиши — бу ҳамма учун тушуниб қабул қилинадиган ҳолат эди.
Шавкат Мирзиёевнинг иқтисод билан шуғуллангани ҳам, янги лавозимда унга жуда қўл келади, чунки Ўзбекистон олдида турган асосий муаммолар айнан ижтимоий ва иқтисодий характерга эга.
Ўзбекистоннинг чет эллардаги мухолифатига келсак, улар мамалкатда бўлаётган жараёнларга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди. Ўзбекистон учун асосий хавфлар мамлакат ичида бўлган яширин радикал ислом террорчи гуруҳлари бўлиши мумкин.
Шарқшунослик институти илмий ходими Станислав Притчиннинг фикрига кўра, Ўзбекистонда ҳукумат алмашишининг биринчи босқичи муваффақиятли ўтди. Конституция бўйича президент вазифасини бажариши керак бўлган Йўлдошевнинг ўзи президентлик вазифасини ўташдан воз кечиши, парламентнинг икки палатаси Мирзиёев номзодини тасдиқлаши – буларнинг ҳаммаси қонуни доирасида амалга оширилди.
Ғарб ва айрим Россия ОАВлари бу борада жуда кўп салбий маънодаги гапларни ёзишган бўлсада, уларнинг гапи ҳеч нарсага асосланмаган. Бу борада вазият “ит ҳураверар, карвон ўтаверар” мақолига ўхшаш.
Иккинчидан, Ўзбекистон янги президенти келажакда Ғарбдаги ва МДҲдаги ҳамкорлари олдида ҳам ёруғ юз билан юриш учун, президент сайловлари имкон қадар ойдинлик ва очиқлик билан ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа бир неча халқаро ташкилотлардан кузатувчилар таклиф қилинган.
Шавкат Мирзиёевнинг нутқини таҳлил қилган Притчин, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг қуйидаги устувор йўналишларини пайқаган: биринчи ўринда — қардош Ўрта Осиё республикалари, иккинчи ўринда МДҲ мамлакатлари, улар орасида Россияга алоҳда ўрин ажратилган. Кейин эса АҚШ, Хитой ва ғарб мамлакатлари.
Янги президентнинг мигрантларга нисбатан сиёсати қандай бўлиши ҳам кўпчилликни қизиқтирмоқда. Мирзиёев ўз дастурининг асосий вазифаларидан бири қаторида — республикада 1 миллион иш жойлари ташкил қилишни режалаштирган.
Экспертнинг фикрига кўра, Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатда ҳамда террорчиликка қарши курашда олидинги ҳукумат олиб борган сиёсатни ва курашни давом эттиради.
Кузминанинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодининг устунлик томонларидан бири — бу унинг диверсификация қилинганидир. Яъни, мамалкат иқтисоди фақат бир соҳага, ёки битта йирик чет эллик ҳамкорга боғланиб қолмаган. Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат пахта хом ашёси, балким кўпроқ таёр маҳсулотлар, юқори технологияли товарлар экспорт қилишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистоннинг энг йирик чет эллик ҳамкорлари бу Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон ва Жанубий Кореядир.
Би неча йиллар давомида халқаро институтлар томонидан салбий баҳоланиб келган Ўзбекистондаги сармоя иқлими ҳам охирги йилларда 12-27 пунктга яхшиланди. Бу Ўзбекистон иқтисодига янги сармоядорлар кириб келишига яхши шароит яратади. Улар қаторида Россия кичик ва ўрта бизнеси вакиллари томонидан Ўзбекистонга қизиқиш сезилмоқда.
Сиёсатшунос Никита Мендковичнинг фикрига кўра, ғарб ва айрим Россия нашларида нима деб ёзишларига қарамасдан Ўзбекистондаги сайлов тизими демократик сайлов тизимининг барча талабларига жавоб беради. Ўзбекистондаги демократик сайлов тизими АҚШ ёки Европа сайлов тизимига ўхшамаган, улардан нусха кўчирилмаган, лекин у миллий урф-одатларига мос равишда қурилган.
Ўзбекистонда қабул қилинган аксилтеррор чораларни ғарб нуқтаи назаридан ҳаддан зиёд ёки тоталитар режимга хос деб қабул қилмасдан, мамалкатнинг Афғонистонга яқин жойлашгани билан изоҳласа бўлади.
Тўғри, Ўзбекистон демократияси Ғарб демократиясидан кескин фарқ қиладиган айрим хусусиятларга эга, лекин ушбу хусусиятлар маҳаллий аҳоли томонидан қабул қилинган ва маъқулланган.
Менинг фикримча Ўзбекистон жамоатчилиги мамлакатнинг бугунги раҳбариятини қўллаб-қувватлайди ва бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларда биз бунинг гувоҳи бўламиз.
Ғарбда Ўзбекистоннинг бетарафлик сиёсатини қўллаб-қувватлашмайди. Уларнинг Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очишга қаратилган барча уринишлари зое кетди. Айни дамда ҳукумат алмашишидан фойдаланиб айрим гуруҳлар мамлакатда ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилишига қарамасдан Ўзбекистон жамоатчилиги бундай “технологияларга” таъсирчан эмас.
Шундан кейин экспертлар журналистлар саволларига жавоб беришди. Қуйида ушбу давра суҳбатини батафсил томоша қилишингиз мумкин.