ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ҳужжат матни шанба куни маҳаллий матбуотда чоп этилган деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Қонун имзоланган ва ОАВларда эълон қилинган кундан бошлаб олти ойдан сўнг кучга киради. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини тартибга солувчи ягона қонун мавжуд эмас эди.
Мазкур қонун ички ишлар органлари тизими ва тузилмаси, уларнинг ҳуқуқи, мажбуриятлари ва ваколатлари, ходимларига қўйиладиган талабларга, шунингдек, муассасаларда хизмат тартиби ва шартларига ойдинлик киритади. Хусусан, қонунда ички ишлар ходимлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланиш тартиблари қайд этилган. Бундан ташқари, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига оид масалалар ҳал этилган.
Қонунда ички ишлар органлари фаолиятининг асосий вазифалари, йўналиши ва қоидалари мустаҳкамланган. Уларнинг зиммасига фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини муҳофаза қилиш вазифалари юкланган.
Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятларини бажаришда ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун хизмат манфаатларини рўкач қилиши, иқтисодий манфаат кўриши, ноқонуний талаб қўйиши, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришлари мумкин эмас.
Қонун шунингдек, инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқлайди.
Қонунга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги бевосита мамлакат президентига бўйсунади, айрим ўзига хос масалалар бўйича эса — Вазирлар маҳкамасига.
Эслатиб ўтамиз, 2015-йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов "мамлакатда ички ишлар органлари ва ҳуқуқ тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини нормал ҳолат деб бўлмайди. Биринчи галда қонун устиворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зудликда уларнинг мақоми, формаси ва иш услубини аниқлаш ҳамда тузатишлар киритиш лозим", деб айтиб ўтган эди.
Президент ўшанда "… аҳолидан амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органларига оид тушган шикоятларнинг ҳар бешинчиси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидандир", деб алоҳида таъкидлаб, "фуқаролар тергов органлари ходимлари процессуал қонунчиликни ўта қўпол равишда бузишаётганидан арз қилишаётганини" қўшимча қилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябрь кунии Тошкент шаҳрида инсульт оқибатида вафот этди. Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев тайинланди. Президент сайловлари 4 декабрда бўлиб ўтиши белгиланган.