ТОШКЕНТ, 16 сен – Sputnik. Euronews телеканали “Ўзбекистон дурдоналари” туркумида қадимий Самарқанд қоғози ҳақида фильм намойиш қилди, деб хабар қилмоқда “Жаҳон” ахборот агентлиги.
Euronews журналистлари хабарига кўра, қадимда қоғоз тайёрлаш Хитойда бошланган бўлсада, ушбу саноат Ўзбекистон ҳудудида шу қадар такомиллашганки, натижада Самарқанд қоғози дунёда энг яхши қоғозлардан бирига айланган.
Ушбу мураккаб ва кўп меҳнат талаб қиладиган ҳунар бугунги кунда Самарқандда қайта тикланиб, “Мерос” номли кичик устахонада Самарқанд қоғозининг тайёрланиш жараёни тасмага туширилган.
Қоғоз таёрлаш учун тут дарахтининг шохлари ўн кун давомида сувда ивитилади, сўнгра унинг пўстлоғи қўл билан ажратиб олинади. Ундан кейин икки ҳафта давомида пўстлоқ қоғоз хом ашёсига айлантирилади.
“Мерос” устахонасида ушбу қимматбаҳо қоғоз тайёрлашнинг барча босқичлари, шунингдек, тут шохларидан олнган хом ашёни сиқиш ва текислаш жараёнлари ҳам бевосита томошабинларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Бундан кейин ҳам Euronews телеканали “Ўзбекистон дурдоналари” туркумидаги кўрсатувларининг янги лавҳалар эфирга узатилиши кутилмоқда.