ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. РИА Новостининг хабар қилишича, Россия президенти Владимир Путин бугун бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Бишкекка етиб келди, эртага қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан икки томонлама музокара ўтказади ва Қирғизистон раҳбари таваллудининг 60 йиллигига бағишланган тадбирларда қатнашади.
МДҲ саммити кун тартибидан Ҳамдўстлик ҳудудида иқтисодий, ҳуқуқий ва маданий-ижтимоий соҳаларда кенг миқёсли ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар ўрин олган. Халқаро терроризмга қарши кураш ва МДҲнинг замонавий воқеликка мослашишига оид бир қатор баёнотлар эълон қилиниши кутилмоқда.
Президент ёрдамчиси хабар қилганидек, Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида Москванинг 2017 йилда Ҳамдўстликка раислик қилиш тамойилларини ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни тақдим этади. Россия ва Қирғизистон етакчиларининг ўзаро юзма-юз учрашувида эса савдо-иқтисодий ҳамкорлик масаласи ҳамда Қирғизистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги муҳокама қилинади.