ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўш вилояти Қора-Сув тумани Мамажон қишлоғида шоқоллар қабрларни ёриб кириб, мурдалар қолдиқларни еб кетишмоқда, деб хабар қилмоқда Спутник Қирғизистон нашри маҳаллий аҳоли Кенже Досбаевдан олинган маълумотларга асосланган ҳолда.
Досбаевнинг сўзларига кўра, атрофда сочилиб ётган одам суяклари қишлоқ аҳолисини даҳшатга солмоқда.
"Бу суяклар қариндошларимизники. Биз ҳар куни уларни қайта кўмиш билан бандмиз. Оқшомлари эса қишлоқни кезиб юрадиган шоқоллар худди ёш боладек инграб чиқиб, бизни ухлашга қўймаяпти. Улар уй жониворларига ҳамла қилган вақтлар ҳам бўлди", — деб ҳикоя қилди Досбаев.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, қишлоқ аҳолиси қопқон ва тўрлар қўйиб чиққан.
"Ҳозирча иккита шоқол қўлга тушди. Менимча, улар чатишган шекилли, кўринишлари жуда ғалати. Орқа оёқлари ва бўйни узун, олд оёқлари эса жуда калта, калтадум, гардани эса бўриникига ўхшаб кетади", — тушинтиради у.
Қишлоқ оқсоқоли Жонибек Боқиевнинг айтишича, қишлоқ четидаги 39 хонадон вакиллари намозшом тушиши билан кўчага чиқишга қўрқадиган бўлиб қолишган.
"Шоқоллар оқшомлари томорқаларга тўпланмоқда, шу боис қишлоқ аҳолиси кечалари полизларни суғоролмай қолган. Лекин энг ёмони, болаларимиз мактабга пиёда боргани қўрқяпти", — деди Боқиев.
Ҳозирда шоқолларни ҳудуддан йўқотиш учун тегишли жойларга мурожаат йўллангани хабар қилинмоқда.
"Агар уларни тез орада йўқ қилмасак, шоқоллар одамларга ҳам ташланмаслигига кафолат бера олмаймиз", — деб фикр билдирди қишлоқ ветеринария назорати мутахассиси Жолдубой Жўрабоев.