ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. 12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида 94 ёшида таниқли археолог олим, Япония миллий этнология музейи фахрий профессори, “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Като вафот этди, деб ёзади "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб илмий ишлар муаллифи, япон профессори Ўзбекистоннинг яқин дўсти эди ва ўзбек халқини севарди. У бу юртни ўзининг иккинчи Ватани деб атарди.
Ўзбекистонга илк бор ўтган асрнинг 60-йилларида келган Кюдзо Като ушбу ўлканинг бой тарихига жудаям қизиқиб қолган ва Япония билан Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлигини кучайтириш тарафдори бўлганди.
"Мен японман, Ўзбекистонни иккинчи она Ватаним деб атайман, ушбу юртнинг фахрий фуқароси эканлигимдан ғурурланаман", — деганди Като.
У 25 йилдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон фанлар Академияси ва бошқа илмий институтлар билан узвий ҳамкорлик қилди, турли лойиҳаларда иштирок этди, Сурхондарё вилоятида қазишма ишларини олиб борди. Унинг изланишлари ҳақида Ўзбекистон тарихи бўйича дарсликларда ҳам ёзилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов Катонинг илмий ҳиссасини кўплаб маротаба эътироф этганди. " Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти" мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Ислом Каримов япон профессорини илмий фаолияти Марказий Осиё тарихи, этнографияси, археологияси ва санъатининг номаълум бўлган саҳифаларини очишга ёрдам берган минтақанинг йирик тадқиқотчиси деб атаганди.
"Унинг Буюк Ипак йўлини, Бақтрия давлатини ўрганишга бағишланган ишлари, шунингдек, 1989 йилдан буён Сурхондарё вилоятининг кўҳна Далварзинтепа ва Қоратепа шаҳарлари ўрнида олиб бораётган археологик тадқиқотлари, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ва Марказий Осиёнинг бошқа улуғ мутафаккирлари асарларини япон тилига қилган таржималари бизнинг улкан минтақамиз тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларни жаҳон мулкига айлантириш имконини берди", — деб таъкидлаганди Ислом Каримов.
Профессор Като ўз навбатида Ўзбекистон Президентининг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашига жавобан миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда фан арбоблари учун кенг имкониятлар яратилганини эътироф этиб келган.