ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Нью-Йорк бош прокурори Эрик Шнайдерман АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампнинг хайрия жамғармаси устидан текширув бошлади, деб хабар берди РИА Новости Politico нашрига асосланиб.
Текширув фонднинг Нью-Йорк штатидаги хайрия фаолиятини тартибга солувчи қонунларга риоя этаётганини аниқлаш мақсадида ўтказилмоқда, деди прокурор.
Вазият билан таниш манбанинг маълум қилишича, прокуратура Трампнинг жамғармасини яқинда маълум бўлган шубҳали операциялар туфайли текширмоқда.
Трампнинг штаби эса ўз навбатида прокурор текшируви сайлов кампанияси билан боғлиқлигини билдирди. Штаб вакили Стивен Чунг Шнайдерман "йиллар давомида Клинтонлар жамғармасига кўз юмиб келганлигини” таъкидлади ва прокурорнинг ҳаракатини Хиллари Клинтон билан боғлиқ яқиндаги ҳолатдан чалғитишга уриниш деб баҳолади.
Рейтер агентлигининг маълумотига қараганда, Шнайдерман Клинтоннинг тарафдори ҳисобланади.
Илгарироқ Трамп Клинтон жамғармасини (Clinton Foundation) "сиёсат тарихидаги энг коррупциялашган ташкилот" деб атаганди. Унинг айтишича, Билл ва Хиллари Клинтонлар "ўнлаб йиллар давомида ўз чўнтакларини қаппайтиришган ва америкаликлар эмас, ўз ҳомийлари ҳақида қайғуришган".