ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. ШҲТ давлатлари ёш лидерлари Форуми қатнашчилари Омск шаҳрида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун тўпланадилар. Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эроннинг ёш тадбиркорлари, жамоат арбоблари, олим ва журналистлари фан, ижтимоий дипломатия, бизнес ва медиа соҳасидаги камида бешта халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқадилар.
Ушбу Форум Омск шаҳрида 2016 йилнинг 19-23 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Форумда 150 нафар иштирокчи: халқаро экспертлар, ШҲТ давлатлари ёш лидерлари иштирок этадилар.
"ШҲТга аъзо давлатлар ер юзи аҳолисининг ярми – 3 млрд киши яшайдиган Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди. Шунинг учун биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, гап нафақат ҳудуд, балки бутун қитъа ҳақида бормоқда. ШҲТдаги имкониятларини амалга ошира олган ёшлар келажакда бутун сайёрамиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин", — деди Россия федерал йиғини халқаро ишлар бўйича кенгаши қўмитаси раиси Константин Косачев.
Форум дастури ШҲТ маконида ёшлар ижтимоий дипломатияси, ШҲТ таълим институтлари, ёш тадбиркорлар ташаббуслари ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш каби тўртта йўналишни ўз ичига олади.
Форум доирасида “ШҲТ энергетик талабалар бизнес-инкубатори” ва “ШҲТ халқаро ёшлар ахборот агентлиги” каби лойиҳалар тақдимоти ва ишга туширилиши тадбирлари ўтказилади.
"Форумнинг асосий мақсади ШҲТга аъзо давлатлар ёш лидерлари, бўлажак сиёсатчи ва тадбиркорлар ўртасида ишончли муносабатларни шакллантиришдир. Эски қолиплардан воз кечиш учун биз ШҲТ ёшлари ўртасида ўзаро муносабатларни ўрнатишимиз лозим. Ёшлар ўртасидаги ҳамкорлик ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини беради", — деди ШҲТ ишбилармонлар клуби директори Денис Тюрин.