ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Яқинда "Айритом" чегара-божхона комплекси ходимлари томонидан афғонистонлик фуқаронинг қинғир қилмишлари фош қилинди, хабар беради Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Республикамиз ҳудуди орқали хорижга йўл олган ушбу шахс томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясидаги маълумотлар асосида М. Салим(исми шарифи ўзгартирилган)га тегишли багаж ва қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, юклар орасида декларацияда кўрсатилган миқдордан ортиқча салкам 4 кг оғирликдаги қуйма тиллалар борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Термиз шаҳар судининг хукмига биноан айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдордаги жарима жазосини тайинлади. Ҳужжатларда кўрсатилмаган 494,5 млн сўмдан ортиқ қийматдаги салкам 4 кг олтин давлат эгалигига ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2014 йил 5 августда 2606-сон билан рўйхатга олинган "Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.