ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Бугун БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси – ҳар йили 193та давлат етакчиларини жамлайдиган йиғилиши бошланади, деб хабар беради РИА Новости.
Йил давомида муҳокама қилиш учун БМТ эътиборига 170та масала ҳавола этилади. Улар орасида Африка мамлакатлари тараққиёти, инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни кучайтириш, халқаро ҳуқуқ ва одил судлов масалалари бор.
Халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш борасида Яқин Шарқдаги вазият, Фаластин муаммоси, Афғонистон, Кипр, Конгода масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек гиёҳванд моддалар назорати, халқаро терроризмга қарши кураш, тинчликпарварлик операцияларини молиялаш бўйича иш олиб борилади. Кун тартибидаги асосий масалалардан бири қуролсизланишдир.
БМТ Бош котибини сайлаш кампанияси Бош Ассамблеянинг 70-сессиясида бошланганди.
Ҳозирда сайлов пойгаларида Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерриш етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринда Словакия ТИВ раҳбари Мирослав Лайчак, учинчи ўринда Сербия ТИВ собиқ раҳбари Вук Еремич бормоқда.
2007 йил 1 январдан буён БМТ Бош котиби вазифасини бажараётган Пан Ги Мун шу йилнинг 31 декабрида лавозимини тарк этади.