ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбекистон чегара қўшинлари июль ойи давомида 129 нафар чегара бузувчини қўлга олдилар, деб хабар берди миллий хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмита вакили Sputnik мухбирига.
Чегарачилар шунингдек умумий қиймати 489,5 миллион сўмлик турли товар-моддий бойликларнинг контрабандасига чек қўйдилар.
"Чегара бузиш ҳолатларининг аксарият қисми ўзбек-қирғиз чегарасига тўғри келади – барча қонунбузарликларнинг 98 фоизга яқини. Хусусан ушбу йўналишда қўлга олинган қоидабузарлар сони 122 кишини ташкил этади. 75та ҳолатда 488 миллион сўмликдан ортиқ товар-моддий бойликлар қўлга олинган", — деди манба.
Бундан ташқари Ўзбекистон МХХ чегара қўшинлари томонидан чегарабузарларнинг қонуний талабларга бўйсунмаганлиги сабабли қурол ишлатилиши юз берган 12 та ҳолат ҳам айнан Қирғизистон билан чегарада содир бўлган.
Суҳбатдошнинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасида қонун бузилиш ҳолатларининг кўпайишига қирғиз контрабандачиларининг турли халқ истеъмоли молларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уринишлари ва қўшни томондан чегараларни қўриқлаш тизими самарасизлиги сабаб бўлмоқда.