ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига 3,3 килограмм афюн хомашёсини олиб киришга уринган шахсни қўлга олишди, деб хабар берди Sputnik мухбирига куч тизимидаги манба.
Бу шахс Афғонистоннинг Балх вилояти Шўртепа туманидаги Жуйивакил аҳоли масканида яшовчи Маматқул Маматназар ўғли эканлиги маълум бўлди.
"Қўлга олинган шахснинг кўрсатмасига қараганда, у ва унинг “Аҳмад” исмли шериги юкни Амударёнинг ўзбек соҳилига ўтказиб беришлари керак бўлган. Маматқул қўлбола сузиш воситаси ёрдамида дарёни кесиб ўтишга уринган. Бироқ у МХХ тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди", — деди куч тизимидаги манба.
Кўздан кечириш жараёнида қўлга олинган шахснинг ёнидан тўқ жигарранг тусдаги модда солинган полиэтилен пакет чиқди. Экспертиза унинг юқори сифатли афюн хомашёси эканлигини кўрсатди.
Тергов жараёнида МХХ ходимлари қўлга олинган шахснинг илгари 13 килограмм 991 грамм афюн хомашёси олиб ўтилиши билан боғлиқ контрабанда ишига алоқадор эканлигини аниқлашди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида жиноятчи устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Судда Маматқул Маматназар ўғли айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унга нисбатан 18 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳукми чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди Ўзбекистонга 5 килограмм гиёҳванд модда олиб ўтишга уринган афғонистонлик яна бир наркокурьер Худойқул Жаббор ўғлини 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарганди.