Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорида текширув ишлари бошланди

© UZ24.uzТошкентдаги "Абу-Сахий" бозори
Тошкентдаги Абу-Сахий бозори - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Текширувлар валюта ва божхона қонунчилигини бузганлик факти юзасидан амалга оширилмоқда ва бу ҳолат ҳозирча бозор фаолиятига таъсир кўрсатгани йўқ.

ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Солиқ органлари Тошкентнинг энг йирик "Абу Сахий" бозорида ўтказилаётган молия-хўжалик текшируви доирасида ҳужжатларни мусодара қила бошлади, дея хабар қилди Спутник мухбирига куч органларидаги манба.

Манбага кўра, текширув ишлари сўнгги бир неча йиллар давомида келиб тушган агентура маълумотлари асносида ташкиллаштирилган. Аниқроқ қилиб айтганда, "бозорда валюта қонунчилигининг бузилиши, товарларнинг Ўзбекистонга божхона қонунчилигини бузган ҳолда олиб кирилиши ва солиқ йиғимлари тўланмаган ҳолда сотилиши" текширув ишлари бошланишига сабаб бўлган.

"Қизиғи шундаки, юқоридаги қонунбузарликлар тошкентликлар учун сир эмасди. Бозор ишлари, шунингдек, хорижий маиший техника ва бу ерда сотиладиган бошқа товарлар импорти билан шуғулланадиган бошқарув компанияси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевани турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев томонидан назорат қилинарди. Манбага кўра, айнан шу туфайли компания раҳбарияти ва назорат органлари ўртасида узоқ йиллар давомида ҳеч қандай муаммолар юзага келмаган.

Суҳбатдош, ҳозирги текширувларга ўхшаш воқеа "Абу Сахий"да 2013 йилда Ислом Каримовнинг икки қизи — Лола ва Гулнора Каримовалар ўртасида иқтисодий манфаатлар туфайли юзага келган можаро вақтида ҳам юз берганини эслатиб ўтди. Айтилишича, ўшанда бу иш тинчлик битимининг тузилиши билан якунланган ва, натижада, "Абу Сахий" бошқарув компаниясининг бир қисми Гулноранинг қўлига ўтган.

Манбанинг Спутникка берган хабарига кўра, "қора" схемалардан фойдаланганлик туфайли "Абу Сахий"да бошқа бозорларга нисбатан товарлар чиндан ҳам бирмунча арзон бўлган. Хусусан, божхонани "айланиб ўтган" ҳолда Хитойдан техника, кийим-кечак, пойабзалларни олиб кириш орқали бундай натижага эришилган. Табиийки, божхона тўловлари тўланмагани боис, товарларнинг қиймати расман олиб кирилган аналогларига нисбатан анча паст эди.

Хабарга кўра, бугунги кунда теширувлар оддий истеъмолчилар ва сотувчиларга таъсир этгани йўқ. Бозор одатий тартибда фаолият юритмоқда — "Абу Сахий" ўз мижозларини километрларга чўзилган тирбандликлар билан қарши олмоқда.

Спутник томонидан сўроққа тутилган экспертлар, бу ҳодисага Ислом Каримов вафотидан кейин мулкни қайта тақсимлаш сифатида қарамасликка чақиришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, текширувлар шундан далолат бериши мумкин-ки, гар Тимур Тиллаев бунгача маълум имтиёзлардан фойдаланган ва шу туфайли назорат органлари босимидан сақланиб келган бўлса, эндиликда эса у "кўпчиликка келган тўй" дея сабр қилишига тўғри келади.

Янгиликлар лентаси
0