ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. “Ислом давлати” жангарилари чекинишда давом этмоқда. ИДга қарши асосий жанглар ҳали олдинда бўлса-да, террорчилар устидан ғалаба қозонилганидан кейин қандай низолар келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаш вақти келди. Американинг The Washington Post газетаси ИД йўқ қилинганидан кейин келиб чиқиши мумкин бўлган ўнта низодан иборат рўйхатни тузди, деб хабар беради РИА Новости.
1. АҚШ қўллаб-қувватлаётган суриялик курдлар Туркия қўллаб-қувватлаётган араб кучларига қарши
Аслида бу уруш бошланиб бўлди. Турк курдларининг айирмачи бирлашмаларига қарши курашаётган Анқара суриялик курдлар Вашингтоннинг қўллаб-қувватлаши туфайли кучайишаяётгани ва Туркия шимоли-шарқида назоратни кучайтиришаётганини хавотир билан кузатмоқда. Туркия билан иттифоқчи бўлган суриялик араблар ҳам курдларнинг истилосига қарши турибди. Шунинг учун Туркия “Ислом давлати”га қарши урушда суриялик исёнчиларга ёрдам бериш учун мамлакатга бостириб кирганида Анқаранинг яна бир нишони курдлар бўлганлиги аниқ-равшан. АҚШнинг бу низони кучайиб кетишининг олдини олишга кучи етармикин.
2. Туркия ва суриялик курдлар
Бу уруш ҳам юқоридаги урушга ўхшаб кетиши мумкин эди, лекин кенгроқ миқёсда бўлади. Айни пайтда Туркия Суриянинг ИД эгаллаб олган ҳудудларигагина кириш билан чегараланмоқда. Лекин Анқара ўз чегаралари атрофида курдлар давлати пайдо бўлаётганидан ҳам ташвишланмоқда. Курдлар бу ерда 2016 йилнинг бошида ўз мухтор вилоятлари ташкил этилганини эълон қилишган ва эндиликда Туркия ушбу ҳудуддан ҳимояланиш мақсадида чегара бўйлаб девор тикламоқда. Агарда бу ҳудудда кескинлик сақланиб қоладиган бўлса, у ҳолда туркларнинг курдлар маконига бостириб киришлари эҳтимоли юқори бўлади.
3. Сурия курдлари ва Сурия ҳукумати
Сурия ҳукумати ҳам ўзларининг ҳудудий даъволарини эълон қилаётган курдлардан хавотирда. Ҳукумат яқин вақтгача улар билан иттифоқда бўлиб, Сурия президенти Башар Асад ҳукумат уларга қурол етказиб бераётганини ҳам айтганди. Бироқ курдлар мухторият эълон қилганидан кейин иттифоқчиликка путур етди ва эндиликда ҳар икки томон мунтазам қуролли тўқнашувда қолди.
4. АҚШ ва Сурия
Сурия инқирозининг ўтган беш йили давомида АҚШ ва Сурия ўртасидаги уруш исталган вақтда бошланиб кетиши мумкин эди. Лекин бундай ҳол юз бермаганлиги томонларнинг низони қанчалик исташмаётганлигидан дарак беради. Бироқ ИДга қарши уруш АҚШ қўллаб-қувватлаётган мухолифатчилар ва Сурия ҳукумати армияси ўртасидаги урушга айланиб кетиши мумкин.
5. Туркия ва Сурия
Туркиянинг Сурияга кириши ҳозирча ИД ва курдларга қарши кураш билан чекланмоқда. Агар Анқаранинг ИДга қарши кураши муваффақиятли кечса, тез орада турк қўшинлари Ҳалаб яқинида Сурия ҳукумат қўшинлари билан юзма-юз келишлари мумкин.
6. Ироқ курдлари ва Ироқ ҳукумати
Сурия курдлари каби ироқлик курдлар ҳам мустақиллик эълон қилишлари ва Бағдод назоратидан чиқишга уринишлари мумкин. АҚШ қўллаб-қувватлаётган Ироқ ҳукумати ИД устидан тўлиқ ғалаба қозонилгач курдлар яшаётган ҳудудлар қайтариб олинишини билдирмоқда. Яна ўша АҚШ қўллаб-қувватлаётган курдлар эса қонлари ва жонларини беришаётган бу ерларни бериш ниятида эмасликларини билдиришди. Бу баҳс “Ислом давлати” муаммоси пайдо бўлмай туриб бошланган эди.
7. Ироқ курдлари ва шиа исёнчилари
Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи шиа исёнчилари ИД босиб олган ҳудудларни қайтариб олишда етакчи ролни бажаришмоқда. Улар АҚШ қўллаб-қувватлаётган курд ҳарбий тузилмаларига қарши чиқишди ва уларни ўз ҳудудларидан сиқиб чиқаришмоқда.
8. Курдлар курдларга қарши
Курдлар ягона шаклланган элат эмас. Агарда турли курд гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар юз берадиган бўлса, бу энг мураккаб вазиятлардан бири бўлади. Курдлар деярли ҳамма нарсани бир-бирлари билан қийин бўлишишган. Улар 1990 йилларда икки гуруҳга бўлиниб қақшатқич жанглар олиб борган. Охир-оқибат улар суриялик ва ироқлик курдларга ажралишган.
9. Сунний араблар шиалар ва ёки курдларга қарши
“Ислом давлати”ни яксон қилиш жараёнида асосан суннийлар яшаган шаҳар ва қишлоқлар курдлар ёки шиалар кўпчиликни ташкил этувчи кучлар томонидан эгалланди. Аксарият суннийлар жангариларга қарши курашиш учун улар билан бирлашди. Бироқ шиалар ва курдлар томонидан суннийларга қарши суиистеъмолликлар юз бераётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агарда бу муаммога сиёсий ечим топилмаса, сунний исёнчилар ҳаракати пайдо бўлиши мумкин.
10. "Ислом давлати"нинг қолдиқлари ҳаммага қарши
"Ислом давлати" ҳали ҳам Сурия ва Ироқда катта ҳудудни назорат қилиб турибди. ИДнинг “пойтахтлари” Раққа ва Мосулга эса энди ҳужум қилинади. Агарда ИДга қарши курашаётган гуруҳлар келишувга эриша олмаса, бу ҳужум номаълум муддатга қолдирилади. Ҳарбий муваффақиятлар сиёсий қарорлар билан мустаҳкамланмаса, бу бошбошдоқликка олиб келади.