ТОШКЕНТ, 6 сен – Sputnik. Москвадаги “Братеево” маданият уйида Россия федерал йиғини Давлат Думасига депутатликка номзод Ибрагим Худайбердиевнинг Орехово-Борисово округидаги маҳаллий аҳоли, уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда депутатликка номзод йиғилганларни ўз дастури билан таништирди.
Ибрагим Худайбердиев ўз дастурида хусусан миллатчилик, радикал ислом ва ИД экстремистик гуруҳининг ғоялари тарқалишига, миллатлараро низолар, этник жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эътибор қаратилганини баён этди.
Йиғилганлар республиканинг мустақиллик йилларида ҳар томонлама ривожланиши, мамлакатда тинчлик-хотиржамликнинг таъминланиши ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мустаҳкам дўстона алоқаларнинг ўрнатилиши бевосита Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканлигини таъкидлашди. Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш маъносида бир дақиқалик сукут сақланди.
Учрашув давомида Россияда истиқомат қилувчи турли миллатлар тилларида қўшиқлар янгради, рақслар ижро этилди, Россия, Ўзбекистон, дўстликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди.