ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Самарқандга ташриф буюрган Россия президенти Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
"Мен учун шахсан, бу ҳақда кечагина Хитойда бўлганимда ҳам айтган эдим, сўнгги йилларда Ислом Абдуғаниевич Каримов билан яхши шахсий муносабатлар, яъни ишончли дейиш ҳам мумкин, ўрнатилган эди. Шу боис, бу мен учун ҳам оғир мусибат, катта йўқотиш", — деди Путин Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашувда.
Россия президенти Ўзбекистон Бош вазирига Самарқандни ва мамлакатнинг биринчи президенти қабрини зиёрат қилишга шароит яратиб бергани учун миннатдорлик изҳор этди.
"Ислом Каримов ўз мамлакати ва ўз халқи учун жуда кўп ишларни амалга оширди. Гап фақатгина барқарорликда ҳам эмас, гарчи бу ҳар қандай гуллаб-яшнаётган давлат, ҳар қандай халқ асоси бўлса-да, энг муҳими, Ислом Каримов бу ишларни мамлакат учун энг мураккаб даврларда амалга ошира олди", — дея таъкидлади Владимир Путин.