ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Россия Федерация бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Россия томонлар барча йўналишлардаги ҳамкорликни давом эттиришларига ишонч билдирди; ўз навбатида унинг ўзбекистонлик ҳамкасби ушбу йўналишда Ислом Каримов белгилаб берган барча тамойиллар бўйича ишлар амалга оширилишини эътироф этди, деб хабар беради РИА Новости.
Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида Россия бош вазири Дмитрий Медведев республиканинг биринчи Президенти Ислом Каримов мамлакат “мустаҳкам бўлиши ва барча жараёнлар тинч ва собитқадамлик билан” кечиши учун кўп ишларни амалга оширганини эътироф этди.
"Биз буни жудаям қадрлаймиз. Ва албатта, яна бир бор айтмоқчиман, биз Ўзбекистоннинг биринчи Президентини хотирамизда сақлаб қоламиз", — деди Медведев.
Медведев ўзи ва Россия президенти Владимир Путин номидан таъзия изҳор қилар экан, ўз ҳамкасбига Россия етакчисининг тилакларини етказди.
"Ишонаманки, биз барча йўналишлардаги ҳамкорлигимизни давом эттирамиз, — деди Медведев.- Россия томони бунга тайёр”.
Ўз навбатида Мирзиёев ҳамкасбига Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан дафн маросимига ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди.
"Ушбу қайғули дамларда биз билан эканлигингиздан миннатдорман. Сиз ҳар бир учрашув (Каримов билан – таҳ.) фойдали бўлганлигини айтдингиз, аслида ҳам шундай", — деди Ўзбекистон бош вазири.
У Ўзбекистоннинг биринчи Президенти ҳаётининг сўнгги дамларига қадар ўзини халқи ва Ватанига бағишлаган буюк инсон бўлганлигини таъкидлади.
"Бизнинг Россия Федерацияси билан муносабатларимиз сиз тўғри таъкидлаганингиздек стратегик муносабатлардир", — деди Мирзиёев. У Россия президенти Путин Ўзбекистон президенти Каримов орасидаги муносабат “буткул ўзгача” бўлганлигини, улар қўйган пойдевор икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш имконини беришини эътироф этди.
"Барча лойиҳаларимиз, барча ҳужжатларимизни кўриб чиқамиз. Каримов белгилаб берган барча ишларни амалга оширамиз, россиялик дўстларимиз билан ҳамкорликда ишлаймиз, олға юрамиз. Аслида ҳам орамизда умумийлик жуда кўп",- деди Ўзбекистон бош вазири.