ТОШКЕНТ, 3 сент – Sputnik. Москвадаги “Полянка” метро бекатидан чиқар экансиз, ҳар қадамда қўлларида гул ва гулдасталар кўтарган маъюс инсонларга – турли миллатга мансуб кексаю ёш, эркагу аёлга кўзингиз тушади. Уларнинг ҳаммаси бир йўналишда – Президент Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш ниятида Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси томон йўл олишган.
Элчихона биноси ёнига келганлар Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаб гуллар, гулдасталар, ўз ҳурмати изҳор этилган битикларни қўйдилар. Президентни хотирлаш учун келганларнинг юзларида ғамгинлик ва қайғу ифодасини, кўзларида эса ёшни кўриш мумкин эди.
“Президентимиз тинчлик рамзи эдилар. Тинчлик-осойишталик деганда Ислом Каримов, Ислом Каримов деганда тинчлик-осойишталик кўз олдимизга келар эди. Президентимизга ишонганимиз учун ҳам фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ бўлиб хорижда юрардик”,-дейди самарқандлик Ойдин Шарапова.
“Бирор сўз дея олмайман. Президентимизнинг жойлари жаннатдан бўлсин”,-дея кўзига ёш олади бухоролик Муҳаррам Раҳмонова.
Элчихона олдидаги майдонда Ислом Каримовни хотирлаб жамланганлар Президентнинг ҳаёт йўли, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва тараққиётида тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
Президент хотирасига ҳурмат бажо келтириш ниятида элчихонага ошиқаётганларнинг сафи узилмаяпти.