ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” кўринишидаги ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви 4 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтади, деб хабар берди РИА Новости ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизматига таяниб.
"Тўртинчи октябрь куни Брюсселда ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади. Учрашувга Европа комиссияси вице-президенти Федерика Могерини раислик қилади", — дейилади хабарда.
ЕИ ваколатхонасининг маълумотига кўра, учрашув Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқаларни намойиш этиш имкониятини беради.
"Европа иттифоқи Ўзбекистондаги ўзбек халқи манфаатлари доирасидаги ўтиш жараёнларини қатъий қўллаб-қувватлайди. ЕИ Ўзбекистон билан тараққиёт, барқарорлик ва мамлакат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорлик ва шериклик келишуви ҳамда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси асосида узоқ муддатли алоқаларга интилади", — дейилади хабарда.