ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Самарқанд шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Шаҳарнинг марказий қисмида бир қатор кўчалар тўсиб қўйилган. Баъзи бир объектларда таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар қилади Спутник Ўзбекистон нашрига вазият билан яхши таниш манба.
Манбанинг сўзларига қараганда, айни вақтда шаҳар марказида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари сони кескин ортган, йўллар ёпиб ташланган. Шоҳи Зинда мажмуасида фаол тарзда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинмоқда.
"Оқшом соат 3ларда Самарқанд осмони устидан 2-3та самолёт жуда паст учди. Тезюрар поездлар қатнови бекор қилинган, йўллар ҳам берк, таксичилар умуман йўқ. Кўчада милиция ходимлари тўла. Нима бўлаётганини тушунмаяпмиз", — деди суҳбатдош.
"Айни дамда Самарқанд шаҳри катта кўчалари машина ҳаракатланиши учун ёпилган, кўчалар бўм-бўш, одамларнинг кайфияти жуда тушкун… Ичида туристлари бўлган катта автобуслар ҳам манзилига боролмаяпти…",-дейилади ижтимоий тармоқларда.
Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Ўзбекистон ҳукмати Президент Ислом Каримов оғир аҳволда, деб хабар қилган эди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси хабарига кўра, ўтган кун давомида Президент ҳолати кескин ёмонлашган. "Азиз ватандошлар, чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, ўтган суткада Президентимизнинг соғлиғи бирданига ёмонлашди ва шифокорлар вазиятни ўта оғир деб баҳоламоқда”, — дейилган Вазирлар Маҳкамасининг расмий хабарида.